2026 йил 31 июль куни соат тахминан 23:30 ларда Ўзбекистон тумани “Ўқчи” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 40V064 автомобиль йўлининг 20-километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
1996 йилда туғилган ҳайдовчи А.Э. маст ҳолда “Spark” русумли автомашинани бошқариб келаётиб, тунги хизматни олиб бораётган Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди 3-сафарбар гуруҳи ЙПХ катта инспектори, сержант Хайитбек Каримжоновнинг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан уни уриб юборган.
Оқибатда сержант Хайитбек Каримжонов оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, у жонлантириш бўлимида вафот этган.
Сержант Хайитбек Каримжонов 2022 йилдан ИИОда хизмат қилган. Унинг ортидан қадрли онаси, суюкли аёли, 2 нафар фарзандлари қолди.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳум ҳамкасбимизнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этади.