Аномал иссиқ шароитида яшил ҳудудларни асраш чоралари кучайтирилди Республика ҳудудида ҳаво ҳарорати 44–46 даражагача кўтарилиши муносабати билан барча ҳудудларда дарахтлар, буталар ва манзарали ўсимликларни асраш бўйича қўшимча чоралар кўрилмоқда. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида яшил ҳудудлар асосан эрталаб, кечқурун ва тунги соатларда суғорилмоқда. Шунингдек, махсус техникалар ёрдамида кўчаларга сув сепиш ва жамоат жойларини салқинлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Наманган, Андижон, Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда яшил майдонларни сақлаш ҳамда аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга қаратилган ишлар кучайтирилган. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фуқароларни ҳам яшилликни асрашга ҳисса қўшишга, дарахт ва буталарни эрта тонг ёки кечқурун мунтазам суғоришга чақирмоқда.