Jahon / Kecha, 09:22 7

БААда энг яхши мактаб битирувчиларига 100 минг дирҳамдан мукофот берилди

БААда энг яхши мактаб битирувчиларига 100 минг дирҳамдан мукофот берилди Бирлашган Араб Амирликларида 2025–2026 ўқув йилини энг юқори натижалар билан якунлаган мактаб битирувчилари 100 минг дирҳамдан (тахминан 27,2 минг АҚШ доллари) пул мукофоти билан тақдирланди. Совғаларни мамлакат вице-президенти, бош вазири ва Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум шахсан топширди. Мукофот мамлакат бўйича давлат, хусусий ва амалий-технологик таълим йўналишларида энг юқори натижа кўрсатган 12-синф ўқувчиларига берилди. Ҳар бир битирувчига 100 минг дирҳамлик сертификат билан бирга шайх Муҳаммаднинг шахсий табрик мактуби ҳам топширилди. Мактубда қуйидаги мазмундаги илиқ сўзлар ўрин олган: «Ўғлим/қизим, аъло натижанг билан табриклайман. Бу ютуқдан сен ва оиланг билан бирга фахрланамиз. Сизнинг битирувингиз мамлакатимиз тараққиётига янги ҳисса қўшади». Совға қутисига эса: «Биз сизлар билан фахрланамиз ва сизларга ишонамиз» деган шиор ёзилган. Аввалроқ, 11 июль куни шайх Муҳаммад мамлакатнинг саккиз нафар энг яхши битирувчиси номини эълон қилиб, улар, ота-оналари ва ўқитувчиларини ижтимоий тармоқлар орқали табриклаган эди. У таълимни «мамлакатнинг энг муҳим миллий лойиҳаси», ёшларни эса «Амирликлар келажагига қўйилган энг яхши сармоя» деб атади. 13 июль куни эса Дубайдаги Иттиҳод уйида (Union House) энг яхши битирувчилар билан учрашув ўтказилди. Учрашув давомида шайх Муҳаммад ўқувчиларни билим олишда тўхтаб қолмасликка, юксак мақсадлар сари интилишга чақириб, уларнинг муваффақияти мамлакатнинг инсон капиталига қаратилган инвестиция сиёсати натижаси эканини таъкидлади. Мазкур ташаббус БААда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасида рақобатни кучайтириш ҳамда мамлакатнинг билимга асосланган иқтисодиёти учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда.

Teglar
#Jahon
Baholash